Мустақиллик йилларида муҳтарам Президентимиз томонидан таълим тизимини ислоҳ қилиш, шу жумладан, мактаб таълимини ривожлантириш, ҳеч кимдан кам бўлмаган баркамол авлодни тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда.
Бугун республикамиздаги барча умумтаълим мактабларида “Хайр, мактаб – салом, коллеж!” тадбирлари “Замонавий билимлар билан замонавий касб-ҳунарга эга бўламиз” шиори остида кўтаринки руҳда ташкил этилиб, тадбир моҳиятини битирувчиларни таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олишга йўналтирилди. Тадбирларда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, мактабнинг собиқ битирувчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирларда фахрий устоз-мураббийлар, педагог ва ота-оналар мустақиллик йилларида мамлакатимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, халқ таълими тизимидаги ислоҳотлар, ўқитувчи ва ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида алоҳида тўхталди.1
Ўз қобилияти ва иқтидори билан билимлар беллашуви, фан олимпиадаси, турли спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаб, устозлари ва ота-оналар ишончини оқлаган ўқувчилар алоҳида тақдирланди. Шунингдек, “Энг ибратли ўқувчи”, “Энг фаол ўқувчи”, “Ижодкор ўқувчи”, “Ёш ихтирочи”, “Мактабимиз фахри”, “Спорт устаси”, “Компьютер устаси”, “Энг ораста қиз” каби номинациялар бўйича иқтидорли ва намунали ўқувчилар тақдирланди.
Шунингдек, тадбир давомида Президентимизнинг 2016 йил 9 май куни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлиб ўтган суҳбатда билдирилган вазифаларни ўқувчи-ёшларга етказишга, ёшлар онгида Ватанга муҳаббат, кекса авлод вакилларига ҳурмат, тинчлик ва осойишталикка дахлдорлик туйғуларини кучайтириш ҳамда “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган саволнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир ниҳоясига етгач, барча мактаб битирувчилари ўз қизиқиши бўйича танлаган академик-лицей ва касб-ҳунар коллежига ота-оналари билан бирга ташриф буюриб, у ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. |